Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors монополиясига чек қўйишга чақирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари UzAuto Motors ўзи ишлаб чиқарадиган автомобиллар нархини ошириб юборганига шубҳа қилаётганлари йўқ.

“UzAuto Motors билан боғлиқ ҳолатни тўхтатишнинг битта йўли бор — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди”. Бу фикрни Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов 7 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

Қўмита мулозимига кўра, рақобат масаласи ҳал бўлмагунича, UzAuto Motors монополиясига чек қўйиш бўйича ҳаракатлар ҳеч қанақа натижа бермайди.

“Бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш”, дея урғулади Бобир Каримов.

Бу мулоҳазаларни қўмита масъули UzAuto Motors билан боғлиқ суд қарорига изоҳ бериш асносида билдирди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси 18 ноябрь куни UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан аппеляция шикоятини киритгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мазкур суд 30 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг UzAuto Motors иши бўйича шу йил 19 августида чиқарган қарорини ҳақиқий эмас, деб топган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлган қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.

Бугунги матбуот анжуманида журналистларнинг UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси киритган аппеляция шикоятига оид саволларига жавоб берар экан, қўмита раисининг ўринбосари Бекзод Умматов бунинг “расмиятчилик учун қилинаётгани йўқ”лигини билдирди.

“Биз суд қарорини ҳурмат қиламиз, бироқ ҳисоб-китобларимизга нисбатан шубҳамиз йўқ, ўз фикримизда қоламиз. Суд қарори устидан берилган апелляция расмиятчилик учун қилинаётгани йўқ”, деди жумладан қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов.