МТВ Тошкентдаги икки боғчада тарбияланувчилар заҳарланганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган 64-боғчанинг 6 нафар тарбияланувчиси ва 247-боғчанинг 2 нафар тарбияланувчиси ўткир ичак инфекцияси белгилари билан 26 август куни касалхонага ётқизилган. Бу маълумотни Мактабгача таълим вазирлиги ҳодисадан икки ҳафта ўтиб тасдиқлади.

МТВ ахборот хизмати қайдича, 27 август куни Мактабгача таълим вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, Миробод тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Миробод тумани тиббиёт бирлашмасининг шифокорлари томонидан мактабгача таълим ташкилотларда ошхоналарнинг ҳолати, ошпазлар, ҳамшираларнинг фаолияти ўрганилди ва тарбияланувчиларнинг кўриги ташкил этилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари томонидан кунлик синамалар ва болаларнинг охирги уч кун давомида истеъмол қилган таомларидан барча озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, лабораторияга юборилган.

Боғчада саломатлиги ёмонлашган тарбияланувчиларнинг аҳволи 31 августга бориб нормаллашган ва улар касалхонадан уйларига чиқарилган.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари ва лаборатория жавоблари асосида қўшимча маълумотлар тақдим этилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўтган ой Озодлик Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-боғчада 25 нафар тарбияланувчи заҳарлангани ҳақида хабар қилган. Кейинроқ мазкур боғчанинг сут маҳсулотлари таъминотчиси Оққўрғон тумани ҳокимининг ўғлига тегишли ширкат экани ўртага чиққан.