Мудофаа вазирлиги армиядаги хизматчиларнинг қарийб 100 фоизи эмловдан ўтиб бўлганини билдирди

Ўзбекистон армиясида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг қарийб 100 фоизи коронавирусга қарши эмланиб бўлди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати маркази бошлиғи Жамшид Шокиров маълум қилган.

Қайд этилишича, шу кунга келиб ҳарбий хизматчиларининг 94,7 фоизи вакцинанинг 1-дозасини, 91,6 фоизи 2-дозасини, 61,1 фоизи эса 3-дозасини олиб бўлган.

Ҳарбийларни эмлашда асосан ZF-UZ-VAC-2001 хитой-ўзбек вакцинасидан, шу билан бирга “Спутник V” ҳамда Модерна вакциналаридан фойдаланилгани айтилмоқда.

Армиядаги ишчи ва хизматчиларни эмлаш ишлари жорий йилнинг август ойидан йўлга қўйилган.

“Эмлаш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт ходимларидан 647 нафар вакцинаторлар тайёрланди, шунингдек, тиббиёт пунктларида 81 та эмлаш пунктлари, Марказий ҳарбий клиник госпитали, Марказий шифохона ва ҳарбий госпиталларда 8 та эмлаш бригадаси ташкил этилди”, дейилган вазирлик хабарномасида эмланган ҳарбийларнинг аниқ сони аниқ келтирилган эмас.