“Мулоқот маданиятини бузган” Чирчиқ ҳокимлиги мулозими ишдан олинди

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан тил маданиятини ошириш мақсадида ўтказилган акциядан лавҳа

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фахриддин Қодиров одамларни “калтафаҳм” дегани учун ишдан бўшатилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қайдича, ҳокимлик мулозими ижтимоий тармоқлардаги оммавий мунозара пайтида давлат хизматчисининг мақомига хос бўлмаган тарзда ўз фикрини нотўғри шаклда билдириб, мулоқот маданиятининг умумқабул қилинган меъёрларини бузган, мулоқот давомида қўпол сўзлар ишлатган, бу ҳолат, ўз навбатида, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби билан меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкин эмас, деган қарорга келган”, дейилган АОКА хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Чирчиқ шаҳрида 2 октябрь куни давлат тилида сўзлашиш маданиятини оширишга қаратилган кўргазмали тадбир бошлангани, сўзлашув тилига бошқа тиллардан кириб қолган сўзлар ўрнига ўзбекча муқобилларини қўллашга чорловчи бу тадбир рус тилида сўзлашувчи қатламнинг баъзи вакилларига ёқмагани ҳақида хабар қилган эди.

Шаҳар ҳокимлигининг бу тадбири ҳақида ижтимоий тармоқларда қораловчи шарҳлар кўпайиши ортидан Ф. Қодиров бунга, АОКА эътирофича, мулоқот маданияти меъёрларига зид тарзда муносабат билдирган. Жумладан, собиқ мулозим Facebook’даги ўз саҳифасида: “Мен ўйламаган эдим одамлар бунчалик калтафаҳм деб. Мен тарқатган хабар ўқимишли инсон учун оддий ҳол, (тупой) ёки ўзидан (тупой) ясаб олган калтафаҳмлар учун буни тушуниш қийин”, дея ёзув қолдирган.