Наманган ҳокими “бетини ювмаганлар”нинг мурожаатига шарҳ ёзаётган ёшларни танқид қилди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларни бир ойга блоклаб, ҳаммани китобга, газетага ўтказиш керак. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов 3 июль куни Чортоқ туманида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”да билдирган.

Наманган ҳокими мазкур фикрни Ўзбекистонда “мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашда қонун талабларини бузганлиги” сабабли қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш “Ўзкомназорат” томонидан чекланганига оид хабарга муносабат билдириш асносида айтган.

Ш. Абдураззоқовга кўра, ижтимоий тармоқлар ёшларни ота-онаси билан мулоқотдан, газета ва китоб ўқишдан тўсмоқда.

Вилоят ҳокимининг фикрича, ишлар юришмаётганига сабаб ёшларнинг бефойда хабарлар билан миясини тўлдириб олаётгани ва ота-онасидан дуо олмаётганидир.

“Битта бетини ювмаган чет элдан туриб мурожаат қилса, ҳамма ўшани… минг тўрт юз нечтаям комментарий бўлади. Буёқда давлатимизда қилинаётган ишлар, президент ташаббуслари билан қилинаётган ишлар, йўллар, сувлар, мактаблар, боғчалар, балницалар қурилаяпти. У нарсаларни ҳамма оддий ҳолатдай қабул қилиб, “Ҳа қилиш керак-да”, деб қўяқолади. Қандай қилиш керак? Олдин ҳам, 26 йил ҳеч нарса қилинмади-ку. Беш йилда қанча ўзгариш? Одамлар, энди ҳамма ёқ очиқ бўлиб кетса, осмондаги ойни талаб қилишни бошлашади”, дея иқтибос келтирган ҳоким Ш. Абдураззоқов сўзларидан Газета.уз нашри.

Ўзбекистонда “Ўзкомназорат” ташкилоти “шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" сабабли айрим ижтимоий тармоқларнинг ишини чеклаб қўйгани, бунинг ортидан Тwitter, ТiкТок ва ВКонтакте тармоқларида узилишлар кузатилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.