Наманганда ўғирлаб кетилаётган 16 яшар қиз ўзини машинадан ташлагани оқибатида вафот этди

Наманган вилоятида 16 яшар қиз ўғирлаб кетилаётган пайтда ҳаракатланаётган Damas автомобилидан ўзини ташлаган ва олинган жароҳатлар туфайли касалхонада жон берган.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса жорий йилнинг 20 декабрида соат 23.30 атрофида Норин туманида рўй берган. 18 ва 23 ёшли икки йигит қизни ижарада турган уйидан ўғирлаб кетган. Айтилишича, асли учқўрғонлик бўлган қиз мазкур уйда ўзининг икки тенгдоши билан 1,5 ойдан буён яшаб, ОТМ тайёрлов курсига ўқишга киришга ҳозирланаётган бўлган. Ички ишлар бошқармаси қайдича, бундан профилактика нозирининг ҳам, маҳалла раисининг ҳам хабари бўлган эмас.

Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (Хавф остида қолдириш) ҳамда 137-моддаси 3-қисми “б” банди (Одам ўғирлаш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.