Наманганда ароқдан заҳарланиш оқибатида вафот этганлар сони 6 нафарга етди

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Қирғизистонда ишлаб чиқарилган ароқдан заҳарланиш оқибатида вафот етган кишилар сони 6 январга келиб олти нафарга етган. Бу ҳақда Газета.uz нашри Бош прокуратурадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Тўрақўрғонда Янги йил байрами арафасида Қирғизистонда ишлаб чиқарилган “Градусник” ароғидан заҳарланган 13 киши касалхонага етказилгани, улардан беш нафари вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Қайд этилишича, ҳодиса ортидан касалхонага келтирилган беморлардан олти нафари соғайиб, уйига жавоб берилган, яна бир нафари реанимация бўлимида оғир аҳволда қолмоқда.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186 моддаси 4-қисми “а” банди (Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, ароқни етказиб берувчи аёл Н.А.га нисбатан уй қамоғи, сотувчи А.С.га нисбатан эса қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.