Намангандаги зиёратгоҳдан қўлёзма Қуръонни ўғирлаган шахслар қўлга олинди

“Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳи

Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳидан Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхасини ўғирлаганликда гумонланган икки шахс қўлга олинган.

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур шахслар маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида ушланган.

Таълиф этилганига қарийб 150 йил бўлган Қуръони карим нусхаси йўқолиб қолгани ҳақида 10 кун муқаддам маълум бўлган эди. Нақшбандия шайхларидан Хожа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳига тегишли бўлган нодир қўлёзма, маҳаллий нашрлар хабарига кўра, 1995 йилгача Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида, Тошкентда имомлик қилган ва яшаган Эшонхон Оқилов хонадонида сақланган. Китоб 1995 йили Камолхон Муҳиддинов томонидан Наманганга олиб келинган. 2017-2019 йилларда Чортоқда “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳи таъмирлангандан сўнг қўлёзма ўша ерга олиб чиқиб қўйилган.

Ўғирланганидан кейин Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида сақланган китобга, айтилишича, ҳеч қанақа зарар етган эмас.

ИИБ қайдича, ҳодиса ортидан гумонланувчилар Ўзбекистон ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, ҳибсга олинган, айни пайтда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттириляпти.