Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ишдан олинди – ОАВ

Қобул Турсунов

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов вазифасидан озод этилган. Бу ҳақда kun.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбаси Навоий вилояти кенгашининг 8 ноябрь куни бўлиб ўтажак навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келган Қобул Турсунов вазифасидан озод қилиниши ва унинг ўрнига Халқ банки бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритиб келган Шуҳрат Атабаев янги ҳоким этиб тасдиқланиши кутилаётганини маълум қилган.

2016 йил декабридан бери Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган Қобул Турсуновнинг ишдан олиниш сабаби ҳозирча маълум эмас.

Икки ҳафта муқаддам Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистоннинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари рейтингини эълон қилган, унда кўрсаткичлар бўйича айнан Қобул Турсунов раҳбарлик қилиб келган Навоий вилояти биринчи ўринга қўйилган эди.