Навоийда 2 килограммдан зиёд қуйма олтинни олиб кетаётган шахс қўлга олинди

БП ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фотоси

Навоий вилоятида фуқаро С.Н. соф қуйма олтинни ўтказиш мақсадида фуқаро Р.дан 548 грамм олтинни 328,5 миллион сўмга, фуқаро Б.дан 1,7 кг олтинни 1,7 миллиард сўмга харид қилиб, Навоий-Самарқанд йўналишида “Nexia-2” русумли автотранспорт воситасида ҳаракатланиб келаётган вақтида ушланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, БП ҳузуридаги департамент, ДХХ ва ИИБнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир якунида С.Н.дан жами 2,3 кг соф қуйма олтин парчалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилган департамент хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Навоий вилоятининг Конимех туманида олтин қазиб олиш билан шуғулланаётган фуқаролардан 4 нафари нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.