Навоийдаги текстиль корхонасида тунда чиққан ёнғин тонггача ўчирилди

Ўт ўчириш машинаси

Навоий шаҳрида жойлашган “Бахт текстиль” МЧЖ корхонаси омборхонасида 1 февралга ўтар кечаси йирик ёнғин содир бўлган. Навоий шаҳар ФВБ ёнғин-қутқарув экипажлари ёнғинни ўчириш учун қарийб 8,5 соат (кечки соат 22:30 дан тонгги соат 07:05 гача) вақт сарфлаганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, воқеа жойига 13 та махсус техника ҳамда ёнғин-қутқарув экипажлари, “Тинчлик” ёнғин ўчириш поезди жалб этилган. Ҳодиса чоғида қурбон бўлган ва жароҳат олганлар йўқ.

Вазирлик айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар аниқланаётгани, вазият юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирган.