Нодир қўлёзмалар йўқолганида айбланиб 5 йилга қамалган кутубхона директори 2 ойда озодликка чиқди

Нодир қўлёзмалар йўқолганида айбдор деб топилган Ўзбекистон Миллий университетининг Ахборот ресурс маркази директори Ирина Кислицина биринчи инстанция суди қарори чиққанидан икки ой ўтар-ўтмас қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари телеграм-канали маълумот тарқатди.

Мулозима Мирзо Улуғбек туман судининг шу йил 10 октябрида чиқарилган ҳукми билан 5 йилу 1 ойга қамалган ҳамда 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди. У Ахборот ресурс маркази “Шарқий” фондининг умумий баҳоси 2 миллиард 656 миллион 600 минг сўм қийматга эга ноёб – 57 та тарихий қўлёзма асари, ХIII-XIX асрларга оид 12 та тошбосма ва 9 та тарихий ҳужжатни талон-торож қилинишида айбдор деб топилган эди.

Олтинчи декабрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Ирина Кислицинанинг апелляция шикояти кўриб чиқилган.

Судда судланувчининг айбловидаги китобларни ўзлаштирганлиги тасдиқланмаганлиги, балки у ўз мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли биринчи инстанция суди ҳукми ўзгартирилиб, унинг ҳаракатлари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” бандидан 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмига қайта квалификация қилинган.

Пировардида Ахборот ресурслар маркази директорига ўташ учун узил-кесил 6 ой 23 кун озодликни чеклаш ҳамда 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчидан ЎзМУ фойдасига 2 миллиард 642 миллион 600 минг сўм миқдоридаги моддий зарар ҳам ундирилмайдиган бўлган, Ирина Кислицинанинг ўзи эса суд залидан озод қилинган.