Прокуратура: Nukus city қурилишида қарийб 250 миллион сўм талон-торож қилинган

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Нукус шаҳрида жойлашган Nukus city маркази қурилишида бюджет маблағларидан тақрибан 250 миллион сўм ўзлаштириб юборилгани ҳақида маълум қилди.

Прокуратура қайдича, маҳаллий расмийлар ўтган йил 18 сентябрида “Granit Montaj Stroy” МЧЖ билан Нукус шаҳридаги кўчалардан бирининг асфалть қопламасини қайта тиклаш ҳамда Nukus city марказидаги кўп қаватли уйлар сув ва канализация тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича 3 миллиард 567 миллион 700 минг сўмлик пудрат шартномаси тузган.

Мазкур шартномага асосан “Granit Montaj Stroy” томонидан қиймати 236 миллион 500 минг сўмлик асфалть қопламаси ҳамда қиймати 9 миллион 600 минг сўмлик сув тармоқларини таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаган бўлишига қарамай, бажарилганлиги ҳақида расмий ҳужжат ҳисобланган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилиб, жами 246 миллион 100 минг сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

“Ушбу ҳолат бўйича Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамда “Granit Montaj Stroy” МЧЖ мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси
3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билана жиноят иши қўзғатилди”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Нукус шаҳар прокуратураси томонидан олиб бориляпти.