Нукусда газ портлаши оқибатида 4 қаватли уйнинг томи қулади. Бир кишининг жасади топилди

Нукусда портлаш юз берган уй. ФВВ матбуот хизмати фотосурати.

Нукусда тўрт қаватли уйдаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида бинонинг томи қулагани хабар қилинди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, уйнинг вайроналари остидан бир кишининг жасади топилди. Шунингдек, қутқарувчилар вайроналар остидан 5 ёшли қизни чиқариб олган. Қиз турли даражадаги жароҳатлар олган. Айни вақтда бинонинг конструкцияларини тозалаш ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлаш оқибатида 2003 йилда туғилган С.Ш., ҳамда 2004 йилда туғилган З.А., жароҳатланганини маълум қилганди. Улар касалхонага ётқизилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ҳодиса 29 январь соат 16:15 ларда Нукуснинг 22-микрорайонидаги 8/1-уйда юз берганини маълум қилди. Айни пайтда воқеа жойида қутқарувчилар ва махсус техника ишламоқда.

Республика тезкор штаби берган маълумотда қайд этилишича, уйдаги бир нечта хонадоннинг том ва пол қисмлари ўпирилиб, 4-қаватдан 1-қаватгача тушиб кетган.

Портлаш юз берган уйда яшаганлар эвакуация қилингани, улар вақтинча уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлангани айтилмоқда.