Прокурор Нукус воқеаси юзасидан янги жараёнда судланаётганларга 12 йилгача қамоқ сўради

Ўтган йилнинг 1−2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойиши иштирокчиларидан 39 нафарига нисбатан ўтказилаётган навбатдаги суд жараёнида прокурор айбланувчиларга 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси беришни сўради.

Судланувчиларнинг асосий қисми Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан, яъни қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашишда айбланмоқда.

28 февраль куни қораловчи ва оқловчи томонлар мунозарани якунлади, судланувчилар сўнгги сўзларини айтишди ва суд қарор қабул қилиш учун маслаҳат хонасига йўл олди. Ҳукм санаси кейинроқ эълон қилинади.

Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид иккинчи суд мажлиси 6 февраль куни Бухоро вилоят суди биносида бошланган эди.

Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида ўз ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилган. 22 кишига оид иш кўрилган ўша судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Мазкур суд ҳукми билан 6 йилга қамалганПўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган.

Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Пўлат Шамшетовнинг ҳибсхонадаги ўлимини “ғалати” деб атаб, унинг Нукус воқеалари чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ бўлганини айтган.