Ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши ёппасига эмланади

Президент Ш. Мирзиёев гематология ва онкология хизматларига оид қарорни 27 май куни имзолаган

Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб 9 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланади. Мазкур тадбир мамлакат президентининг шу йил 27 май куни имзоланган “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қарорда қайд этилишича, кейинги йил бошидан эътиборан Ўзбекистонда онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш мақсадида 30–55 ёшдаги аёллар бачадон бўйни ҳамда 45–65 ёшдаги аёллар кўкрак бези саратони бўйича скринингдан ўтказилади. Бундан ташқари, барча туман ва шаҳарларда “онко-назорат” хоналари ташкил этилади. Улар фаолиятининг сифати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази махсус ахборот тизими орқали назорат қилинади.

Ушбу тадбирлар бажарилишига вилоят ҳокимлари шахсан жавобгар бўлади - гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, муваффақиятли даволаш ҳамда ўлим ҳолатининг камайиши ҳокимлар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланяпти.

Қарор билан онкологик касалликлар учун дори воситаларини харид қилиш учун бюджетдан ажратилажак харажат миқдори 2 баравар оширилиб, 61,2 миллиард сўмдан 120 миллиард сўмгача етказилиши кутилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, ЖССТ таклифлари асосида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилмоқда ҳамда уни 2022 йил 1 январидан бошлаб мустақил марказ сифатида фаолият кўрсатиши белгиланмоқда. Марказнинг жойлардаги вертикал фаолияти ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида Болалар гематология ва онкологияси бўлимларини ташкил этиш орқали таъминланади.

Қарорда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари учун мобиль маммографлар, онкомаркерларни аниқлаш реактив тўплами, онлайн режимда маълумот узатувчи камерали микроскоп, қон компонентларини ажратиш сепараторлар ва иммуногисто-кимёвий текшириш ускуналари марказлаштирилган тартибда харид қилиниши кўзда тутилган. Мазкур тиббий техникаларни сотиб олишга маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ва бошқа марказлаштирилган манбалар ҳисобидан 98,4 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, ҳужжат билан гематологик ва онкологик беморларни даволаш жараёнларини кузатиш имконини берадиган электрон тиббий карталар жорий этилиши кутиляпти.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган кунлар ичида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказларида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.