Ўтган 10 ой ичида Ўзбекистонга 2,2 миллион дона мобил телефон олиб кирилди

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 2,2 миллион дона мобил телефон импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 миллион донага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, мазкур давр оралиғида Ўзбекистонга олиб кирилган мобил телефонларнинг умумий қиймати 154,2 миллион AҚШ долларига тенг бўлган. Телефонлар дунёнинг 14 та давлатидан импорт қилинган.

Қўмита биргина октябрь ойида мамлакат чет элдан қиймати 20,9 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 303 303 дона мобил телефон импорт қилганини қайд этган.

Ўн ой мобайнида мобил телефонлар энг кўп Хитой (79,5 миллион долларлик) ва Вьетнамдан (60 миллион долларлик) сотиб олинган, бу эса телефон импортининг 90 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Ўзбекистонга телефон экспорт қилаётган мамлакатлар орасида Ҳиндистон (7,2 миллион долларлик), Қозоғистон (5,3 миллион долларлик), Бирлашган Араб Амирликлари (1,4 миллион долларлик), Германия (647 минг долларлик) ва Россия (175,8 минг долларлик) каби мамлакатлар ҳам бор.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига, Ўзбекистонда Интернет тармоғига уланган абонентлар сони қарийб 20 миллионга етгани ҳақида маълумот берилган эди.