ЎТЙ Афғонистон темир йўл орқали юк ташиш тикланганини билдирди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 февралидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Согдиана транс” ШК томонидан Афғонистонга йўналтирилган вагонларни Хайратон станциясига етказиб бериш қайта тикланган.

Бу ҳақда маълум қилган “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматига кўра, бунга оид келишувга ўзбек ширкати расмийларининг 8-10 февраль кунлари Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Байтуррахмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси билан учрашуви чоғида эришилган.

Учрашув чоғида томонлар “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темир йўлини эксплуатация қилишни бундан буён ҳам давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишиб олганлар.

“Музокаралар якунида эришилган келишувлар бўйича баённома имзоланди”, дейилган ЎТЙ хабарномасида.

Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови 1 февралдан бошлаб вақтинча тўхтатилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ўшанда бу қадам “Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётганлиги” сабаб бўлганини билдирган эди.

Икки мамлакат ўртасида темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилгани эълон қилингач, бу маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида расмий Тошкент билан Толибон Афғонистони орасида пайдо бўлган совуқликка ишора ўлароқ талқин қилина бошлаган.