“Ўзавтосаноат” таркибидаги 20 дан зиёд корхона хусусийлаштиришга ҳозирланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда машинасозлик соҳасидаги рақобат муҳитини ривожлантириш учун “Ўзавтосаноат” компанияси таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалаларига бағишланиб ўтказилган йиғилишда билдирилган.

Президент матбуот хизмати қайдича, Ўзбекистонда барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Йиғилишда шу масалага эътибор қаратилиб, хорижий мутахассислар иштирокида “Ўзавтосаноат” фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.

“1 июлга қадар тармоқ таркибидаги 40 та корхонани трансформация қилиш бошланади. Тармоқда рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозимлиги қайд этилди. “Ўзавтосаноат”нинг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган 14 та ташкилотдаги улушларини сотувга чиқариш вазифаси юклатилди”, дейилган хабарномада.

Ш. Мирзиёев йиғилишда локализация даражасидан келиб чиқиб, машинасозлик соҳасида ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шарт-шароит жорий этиш бўйича кўрсатма берган. Бунда автомобилларни саноат усулида йиғиш, йилига 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлиги таъкидланган.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ислоҳ қилиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилган. Мутасаддиларга корхоналарнинг бўш ер майдонларини оптималлаштириш, техникалар таннархини 30 фоизгача тушириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу йил якунигача уларнинг локализациясини 30 фоизга, келгуси йилда эса камида 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.