Ўзбекистон билан Туркия қиймати 679 млн долларлик инвестиция лойиҳалари ва шартномаларни имзолади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида умумий қиймати 679 миллион долларга тенг бўлган 25 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, мазкур ҳужжатларга Туркия ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида қўл қўйилган.

Қайд этилишича, имзоланган келишувлар орасида қиймати 514,7 миллион долларга тенг бўлган 10 та инвестиция лойиҳаси бўйича ҳужжатлар ҳамда 165,2 млн. долларлик 15 та савдо шартномаси бор.

Тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Ўктой, Ўзбекистон томонидан тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 250 дан зиёд вакили иштирок этган.