“Ўзбекистон овози” муҳаррири Сафар Остонов коронавирусга чалингани ортидан вафот этди

“Ўзбекистон овози" газетаси бош муҳаррири, Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатасининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Kun.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда С. Остонов шу йил апрель-май ойларида коронавирусга чалиниб, шифохонада даволаниб чиққани, унинг ўлимига ўша касаллик асоратлари сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини ёзган.

С. Остонов 1948 йилнинг 13 ноябрида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган. 1972 йили у ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган.

Университетдан кейин қатор газеталарда фаолият юритган С. Остонов 1996-2002 йилларда президент девонида етакчи консультант, бош консультант вазифаларида ишлаган. 1999 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилган.

2002 йилдан бери С. Остонов “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келган.

Журналист 2019 йилги парламент сайловида Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланганди.

Сафар Остонов сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовни мақтаган, унга мухолиф сиёсатчиларни эса кескин танқид қилган чиқишлари билан жамоатчилик эътиборини ўзига тортган эди.