Ўзбекистон ва Қирғизистон делегациялари чегара демаркациясига оид ҳужжатларни тасдиқлашди

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўзбекистонлик чегарачилар (архив сурати)

Самарқандда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг ўзбек-қирғиз чегараси демаркацияси бўйича музокаралари бўлиб ўтди, дея маълумот тарқатди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, қўшма демаркацион комиссиянинг илк йиғилишида чегаранинг айрим участкаларидаги биргаликдаги дала тадқиқотлари натижалари муҳокама этилган.

Қирғизистон ҳукумати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар давлат чегараси демаркацияси бўйича норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни тасдиқлашган.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1314 километрга узанган. 2022 йил ноябрида Тошкент ва Бишкек чегара бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўйилганини билдиришган. Томонлар чегаранинг аниқланмаган 312 километри (15%) бўйича ўзаро муросавий битимга келишган.

Ўшанда ҳар икки мамлакат парламентлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари делимитациясига оид шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини маъқуллашган, шундан сўнг икки мамлакат президентлари мазкур қонунларни имзолашган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида давлат ташрифи билан Бишкекка келганида у билан қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров ўртасида Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашилган.

Икки давлат ўртасида чегара бўйича тузилган битимнинг Андижон сув омбори остидаги ерларни бошқа участкаларга алмаштириш йўли билан Ўзбекистонга берилиши Қирғизистондаги қатор жамоатчилик фаоллари норозилигига сабаб бўлган. Бу норозилик ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида мамлакатда 30 чоғли сиёсатчи ва фаол ҳибсга олинган.