Ўзбекистон ва Россия бош дипломатлари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов (ч) россиялик ҳамкасби Сергей Лавров (ў) билан Москвадаги учрашув чоғида, 2021 йил 2 марти

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Афғонистондаги аҳволни муҳокама қилди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, бу мавзу икки дипломат ўртасида 9 июль куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида тилга олинган.

Суҳбат чоғида Комилов ва Лавров Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилишган. Шунингдек, улар минтақавий хавфсизлик, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашганлар.

Мулоқот пайтида Россия томонининг шу йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилган.

Сўнгги кунларда Афғонистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан чегарадош шимолий ҳудудларида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан ҳукумат кучлари ўртасида кузатилаётган қуролли тўқнашувлар натижасида вазият таранглашиб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.