Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари кейинги ҳафтада Москвада учрашишади

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан 22 июнь куни Москвада учрашади. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов маълум қилган.

Дипломатга кўра, кейинги сешанба куни Россия пойтахтида ҳукумат раҳбарлари даражасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтади.

О. Мальгинов мажлисдаги кўриб чиқиладиган асосий мавзуларидан бири икки мамлакат президентларининг бўлажак музокараларига ҳар томонлама тайёргарлик кўриш масаласи бўлишини ҳам қўшимча қилган.

Шавкат Мирзиёевнинг Россияга расмий сафари 2020 йилга режаланганди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли сафар муддати ўзгарган. Кейинроқ Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Ш. Мирзиёевнинг Россияга сафари 2021 йилда бўлиб ўтишини маълум қилган.

Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари бошчилигидаги қўшма комиссиянинг илк мажлиси 2019 йилнинг май ойида Урганчда ўтказилган. Ўшанда Россия ҳукуматини Дмитрий Медведев бошчилигидаги делегация тамсил этганди. Иккинчи мажлис 2020 йили бўлиб ўтиши керак эди, бироқ пандемия важидан тадбир муддати бир неча бор ўзгарган.