Ўзбекистон ва Туркманистон ТИВ ўртасида икки йиллик ҳамкорлик дастури имзоланди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов (архив сурати)

Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳужжат амалий ташриф билан Туркманистонга борган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг туркманистонлик ҳамкасби Рашид Мередов билан шу йил 17 февралидаги учрашуви чоғида имзоланган.

Музокаралар чоғида икки мамлакат бош дипломатлари сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилганлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққанлар.

Ашхободга сафари доирасида вазир Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қабулида ҳам бўлган. Мулоқот чоғида Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, янги минтақавий бозорларга чиқиш учун инфратузилмавий ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.