Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 32,6 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу маблағнинг 20,2 миллиарди импорт, 12,4 миллиарди эса экспорт ҳиссасига тўғри келган, шу тариқа сальдо 7,8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.
Ўтган ўн ой натижаларига кўра, Ўзбекистонга маҳсулот ва хизматлар импорт қилувчи давлатлар орасида 4,2 миллиардлик улуш билан Россия биринчи ўринга чиқиб олган. Аммо йил охиригача яна икки ой борлиги эътиборга олинса, бу ҳолат ўзгариши мумкинлигини қайд этса бўлади. Бунгача импортерлар орасида Хитой пешқадамликни қўлдан бермай келаётган эди. Январь-октябрь ойларида ХХР Ўзбекистонга 4 миллиард долларлик маҳсулот ва хизмат экспорт қилган.
Импорт бўйича Қозоғистон ($2,2 млрд), Жанубий Корея ($1,5 млрд) ва Туркиянинг ($1,3 млрд) ҳам улуши каттагина. Мамлакатга маҳсулот ва хизмат сотаётганлар орасида Германия ($571,5 млн), Туркманистон ($404,1 млн), Ҳиндистон ($371,9 млн), Украина ($364,2 млн) ва Литвани ($342,1 млн) санаш мумкин.