Ўзбекистонга Pfizer/BioNTech вакцинасидан яна 310 минг доза олиб келинди

Жорий йилнинг 17 январь куни Ўзбекистонга Pfizer/BioNTech вакцинасидан 310 минг 50 доза олиб келинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бир ҳафта муқаддам Озодлик Ўзбекистонга 500 минг дозадан зиёдроқ Moderna вакцинаси келтирилгани, бу 2022 йил ҳисобидан мамлакатга чет элдан олиб келинган вакцинанинг илк партияси экани ҳақида хабар қилган.

Жорий йил ҳисобидан хориждан олиб келинган вакцинанинг иккинчи партияси билан Ўзбекистонда Pfizer/BioNTech вакцинасининг умумий миқдори 2 миллион 626 минг 650 дозага етган (ўтган йили мазкур вакцинадан 2 миллион 316 минг 600 доза олиб келинган эди).

ССВ душанба кунги партия билан мамлакатда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 49 миллион 846 минг 818 дозага етганини билдирган. Бундан (Pfizer/BioNTech вакцинасидан ташқари) 2 миллион 404 минг 480 дозасини AstraZeneca, 37 миллион 789 минг 938 дозасини ZF-UZ-VAC2001, 1 миллион 341 минг 790 дозасини “Sputnik V”, 3 миллион 500 минг 460 дозасини Moderna, 1 миллион 976 минг дозасини Sinovac, 207 минг 500 дозасини Sputnik Light вакцинаси ташкил этган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни ўтган йилнинг апрель ойидан бошланган. Ўтган вақт оралиғида эмлаш тадбирларида, расмий маълумотларга кўра, 40 миллион 787 минг 150 доза вакцинадан фойдаланилган.