Ўзгидромет декабрь ойи бошида чангли бўрон кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ноябрь ойи бошида кузатилган чангли бўрон чоғида Тошкентда чанг миқдори, расмий маълумотларга кўра, меъёрдан 30 баробаргача ошган эди

Жорий йилнинг 1-2 декабрь кунлари ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши манзарасида Ўзбекистон бўйлаб шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.

Ўзгидромет қайдича, эрта ва индин баъзи жойларда шамол тезлиги 25-28 м/с гача кучайиши, айрим вилоят ва туманларда чангли бўрон ҳамда чанг ғуборлар кўтарилиши кузатилиши мумкин.

Синоптиклар ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилишини 1 ва 2 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши билан изоҳлаганлар.

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом Тошкент шаҳрида соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани хабар қилинган эди.