Ўзгидромет ҳафта охирида ҳарорат яна +46 даражагача кўтарилиши мумкинлигини очиқлади

Ўзбекистонда 24-26 июль кунлари ҳаво ҳарорати яна аномал даражада исиши кутиляпти.

Гидрометеорология хизмати маркази бу ҳолатни “Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқимининг кириб келиши” билан боғлаган.

“Ўзгидромет” мутахассисларига кўра, мазкур кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан 4-6° га юқори бўлади.

“Кундуз кунлари ҳаво 40-43° гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-46° гача исийди”, дейилган марказ хабарномасида.

“Ўзгидромет” ҳафта охирида мамлакатнинг айрим ҳудудларида чангли бўрон кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилгани, ҳарорат иқлимий меъёрлардан ҳатто 7-10° га юқори бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.