Ўзгидромет мамлакатнинг 8 та вилояти ҳудудларида сел келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти қишлоқларидан бирида кузатилган сел (архив сурати)

Жорий йилнинг 6-8 ноябрь кунлари кутилаётган кучли ёғингарчилик сабабли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.

Ўзгидромет қайдича, сел-сув тошқини ҳодисалари, жумладан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманлари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробод туманлари, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пойариқ, Жомбой, Иштихон туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманлари ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳрида кузатилиш эҳтимоли бор.

Шу муносабат билан ўзбекистонлик метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли худудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёт чораларини кўришга чақиришган.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг ёмғир ёққан қатор ҳудудларида, хусусан, пойтахт Тошкентда кўчалар сувга тўлганига оид кўплаб фотосурат ва видеолар ёйинланган. Фойдаланувчилар бу ҳолатни шаҳар дренаж тизимининг ночор аҳволда экани билан боғлашган.