ОАВ: Ўзбекистон ҳукумати айрим озиқ-овқат ва ёғилғи маҳсулотлари нархларини назорат остига олиш ниятида

Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотлари, бензин, кўмир ва бошқа шу каби стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархида барқарорликни таъминлаш ва уларни назорат қилиш бўйича яқин кунларда қарор қабул қилади. Бу ҳақда хабар қилган Podrobno.uz нашри маълумот манбасини очиқлаган эмас.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат қабул қилинганидан кейин Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин, кўмир, металл, цемент ва бошқа шу каби 45 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар ҳамда ун, гўшт, нон, шакар, ўсимлик мойи ва бошқа шу каби 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол моллари нархининг асоссиз оширилиши устидан назоратни амалга оширади.

Бу вазифани адо этиш учун қўмита мазкур товарлар нархларининг ўзгариш динамикаси кузатади, нарх ўсишига таъсир кўрсатаётган омил ва сабабларни таҳлил қилади.

Нархлар асоссиз оширилгани ва сотувчиларнинг ўзаро тил бириктиргани аниқланган тақдирда, қўмита мутахассисларига мулкчилик шакли қандай бўлишидан қатъи назар, хўжалик субъектлар биноларига кириш ва омборда сақланаётган захираларни инвентаризация қилишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, қўмита ортиқча маҳсулот топилган тақдирда, уларни сотиш ва асоссиз оширилган нархларни пасайтириш бўйича мол эгалари бажариши мажбурий бўлган буйруқ ва йўриқномаларни чиқаради.

Бу буйруқлар муддатида бажарилмайдиган бўлса, тегишли тартибда жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилади.

Нашрнинг ёзишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур қарорнинг қабул қилиниши стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилишига ишонмоқда.