“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли бошқарувини босқичма-босқич равишда Афғонистон темир йўллар бошқармасига ўтказиб берилади. Бу ҳақда TOLOnews Толибон тузган ҳукумат мулозимлари сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр манбасига кўра, темир йўл техник ишларини бошқариш ва товарларни транспортировка қилиш билан ҳукумат даромадлари ортади. Шу важдан техник фаолиятни Ўзбекистон ширкатидан афғонистонликларга олиб беришга қарор қилишган.
“Биз уларга 10 майдан кейин темир йўлдан даромад йиғиш вазифасини Афғонистон ҳукумати ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот йўлладик”, деган Афғонистон темир йўллар бошқармаси раиси Бахтур-Раҳмон Шарофат.
Ҳозирги пайтда “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлининг техник эксплуатацияси билан “Ўзбекистон темир йўллари” корхонасига қарашли “Сўғдиёна-Транс” ширкати шуғулланмоқда. Афғонистон бу ширкатга йилига 18 миллион доллар тўлаяпти.
Аввалроқ айнан Бахтур-Раҳмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси 12-14 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўзбек расмийлари билан бўлиб ўтган музокараларда, “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълумотига кўра, ОАВда пайдо бўлган ўзбекистонлик темирйўлчилар билан фаол ҳамкорлик тўхтатилишига оид хабарларни рад этишган эди. Афғонистон темир йўллар бошқармаси раиси мазкур музокараларда ҳатто келажакда ЎТЙ билан ҳамкорлик янада кенгайиши ҳақида билдирган.
“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли Афғонистон товарлари учун асосий транзит йўллардан бири бўлиб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳукумат мазкур темир йўлдан ойига 2,5 миллион доллардан 4 миллион долларгача даромад топади.