Об-ҳаво ноқулайлиги важидан “Тахтақорача” довони ёпилиб очилди

Иллюстратив сурат

Об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги туфайли Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довонида 26 декабрдан эътиборан автотранспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарномасига мувофиқ, М39 (Алмати-Тошкент-Термиз) халқаро автомобил йўлининг довон қисми “тинимсиз ёққан қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлгани” важидан ёпилган.

Самарқанд вилоят ИИБ “музламаларни эритиш учун қум-туз аралашмалари сепилиб, зарурий чоралар кўрилаётгани”ни билдирган. ФВВ ҳам “тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли профилактик ишлар амалга оширилаётгани”ни тасдиқлаган. Айни пайтда вазирлик "Қамчиқ" довонини қордан тозалаш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.

ФВВ матбуот хизматига кўра, “Тахтақорача” довони 27 декабрь куни автомобиллар ҳаракати учун қайта очилган.