Об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдан Нукус ва Урганчга парвозлар кечиктирилди

Иллюстратив сурат

Чоршанба тонгида кузатилган қуюқ туман Урганч, Нукус ва Навоий аэропортлари ишига ўзгартишлар киритган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ширкат хабарномасида айтилишича, 8 декабрь куни Тошкентдан учажак HY051 рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак эди. Бироқ қабул қилувчи аэропортда туман тушгани туфайли парвоз қолдирилган. Мазкур учоқ пойтахтдан соат 11:00 да парвоз қилиб, Урганчга соат 12:10 да қўниши режалангани билдирилган.

Туман туфайли бугун тонгда Тошкент – Нукус рейси ҳам қолдирилган. Парвози соат 07:30 га мўлжалланган учоқ, дастлабки маълумотларга кўра, соат 10:30 га кечиктирилган.

Uzbekistan Airports бугун эрталаб қуюқ туман Навоий аэропортида ҳам кузатилгани, бироқ тонгда мазкур аэропорт жадвалида йўловчи рейслари бўлмаганини қўшимча қилган.

Ширкат қайдича, айни пайтда аэропортларда об-ҳаво шароити ўнгланган.