Одам савдосига алоқадор шахслар махсус рўйхатга киритилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг рўйхати юритилади. Бунга оид тартиб, Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан шу йил 22 ноябрида тасдиқланган Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисидаги низомда акс этган.

Ҳужжатга мувофиқ, одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти томонидан юритилади.

Базага одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, одам савдосидан жабрланганлар, жабрланган деб тахмин қилинаётганлар – аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратилган ҳолда, уларга кўрсатилган ёрдам натижалари, жиноят содир этиш усуллари ва бошқалар каби маълумотлар киритилади.

Қайд этилишича, маълумотлардан одам савдосига қарши курашишдаги ваколатли органлар фойдаланиши учун Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ёзма ёки электрон шаклда сўровнома юборади. Сўровномага беш кун ичида жавоб юборилиши кўзда тутилган.