“Она ва бола” ҳайкали олдида ножўя ҳаракатлар содир этган қиз иши судга оширилди

Олмалиқдаги хиёбонда жойлашган “Она ва бола” ҳайкали устига чиқиб, жараён акс этган видео тасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган 19 яшар Э.С. хатти-ҳаракатлари юзасидан материаллар судга йўлланган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов Телеграм канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2 июнь куни Э.С. томонидан содир этилган хатти-ҳаракатларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик мавжудлиги аниқланган, бу борада Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва йиғилган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳудудий суд органига юборилган.

Мулозим, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг мазкур моддасига мувофиқ, майда безорилик, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача (735 минг сўмдан 1 миллион 225 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини эслатган.

Аввалроқ Озодлик Андижонда “Мотамсаро она” ҳайкали қучоғида видеога тушган тиктокер ҳамда Каттақўрғон боғидаги Навоий ҳайкали олдида “ноўрин ҳатти-ҳаракатларни амалга оширган” тиктокер ва унинг шериги суд ҳукми билан 15 суткага қамалгани ҳақида хабар қилган эди.