ОТБ Ўзбекистонга ярим миллиард доллар миқдорида қарз бермоқчи

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ортидан юзага келган иқтисодий муаммолар туфайли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш ва бандликни дастаклаш учун Ўзбекистонга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз беришга қарор қилди. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига унинг 1,2 миллиард долларлик “Тараққиёт учун контрциклик харажатлар дастури”ни амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиши айтилган.

“Ҳукумат дастури озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх-наво барқарорлиги мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалар, қариялар ва бошқа муҳтож гуруҳларга тўғридан-тўғри ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ишсизлар ва ватанга қайтаётган меҳнат муҳожирларини дастаклашга қаратилган”, дейилган банк хабарномасида.