Politico: АҚШ Афғонистондан олиб чиқилган ҳарбий учоқларни Ўзбекистон ва Тожикистонга бермоқчи

АҚШ Афғонистондаги террорчиликка қарши курашда ёрдам эвазига Ўзбекистон билан Тожикистонга қарийб 50 та ҳарбий учоқ ва вертолётни ўтказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico нашри бу борадаги музокаралардан хабардор манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, бу ерда гап «Толибон» вакиллари Кобулни эгаллаб олганидан кейин афғонистонлик пилотлар Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб келган C-208 учоқлари, A-29 Super Tucano енгил ҳужумчи учоқлари, Ми-17, Ми-25 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари ҳақида бормоқда.

Эндиликда АҚШ террорчиликка қарши кураш ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни теранлаштиришга оид норасмий келишув эвазига учоқларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматига топшириш имкониятини ўрганмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда мазкур келишув Тошкент ва Душанбе билан разведка маълумотларини алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ёки Афғонистондаги террор фаолиятини назорат қилиш учун бу икки мамлакатда минтақавий база ўлароқ қўшин ва учоқларни жойлаштириш кабиларни ўз ичига олиши мумкин. Бироқ нашр манбалари муҳтамал вариантлардан энг мақбули сифатида бу шартнома Афғонистондаги террор тармоқлари тўғрисида Ўзбекистон ва Тожикистонда бўлган маълумотлардан фойдаланишга оид бўлиши мумкинлигини айтишган.