Президент Мирзиёев кейинги йил бошидан қўшилган ҚҚСни 12 фоизга туширишга ваъда берди

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 22 август куни мамлакат тадбиркорлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида билдирган.

Мулоқот пайтида кейинги йил бошидан микробизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилиши, бунда олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолиниши айтилган. Улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўлаган тақдир эса бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилишига эътибор қаратилган.

Президент мамлакатда тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлаган. Бунинг учун 2023 йил 1 январидан кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлаши, мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилиши, соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилиши ҳамда давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилиши каби имтиёзлар тақдим этилиши урғуланган.

Мулоқот чоғида Ш. Мирзиёев савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинишини қайд этган. Унга кўра, биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди, бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.