Президент блэкаутдан “саросимага тушмаган сабр- тоқатли” халққа миннатдорчилик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 январь куни ўтган видеоселекторда Ўзбекистон тарихида илк маротаба юз берган йирик энергетик инқироздан саросимага тушмагани учун Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдирди.

“Бундай ҳолатда халқимиз вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман”,-деб иқтибос келтирди президент сўзларидан “Кун уз”.

“Газета уз”нинг ёзишича, видеоселектор давомида президент “бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ берганини, комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлганини, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни, шахсан назоратига олгани”ни билдирган.

“Дарё уз” эса президент айни пайтда блэкаут оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилаётганини айтгани тўғрисида хабар берди.

“Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак”,-деб иқтибос келтирди президент сўзларидан нашр.