Президент сайловини ўтказиш учун 14 та округ ташкил этилди

Ўзбекистонда президент сайловини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 14 та сайлов округи тузилади. Бунга оид қарор Марказий сайлов комиссиясининг 9 август куни бўлиб ўтган галдаги йиғилишида қабул қилинган.

“Сайлов округлари рўйхати, уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашуви кўрсатилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади”, дейилган МСК хабарномасида.

Душанба кунги йиғилишда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Унда 500 дан зиёд ОАВ вакилларига аккредитациядан ўтказиш бўйича тегишли гувоҳномаларни бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.