Сурхондарё прокуратураси Бандихон прокурори сўкингани иддао қилинган аудиони ўрганмоқда

Сурхондарё вилоят прокуратураси Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли экани айтилаётган аудиони ўргана бошлади. Прокуратуранинг маълум қилишича, “тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар” текширилмоқда.

20 июнь куни ижтимоий тармоқларда, жумладан, “Муштум” журнали телеграм каналида Соатмурод Махмановга тегишли экани айтилаётган аудио тарқалган эди. Иддао қилинишича, аудио прокурор тумандаги маҳалла фуқаролари йиғини раислари билан ўтказган йиғилишда ёзиб олинган. Прокурор гўёки маҳалла раисларидан аҳолидан солиқларни ундиришни талаб қилган ва уларни ҳақорат қилган.

Прокурорга мансублиги айтилаётган видеода маҳалла раислари “Ит”, “Хотинчалиш”, “Итдан тарқаган”, “Ифлос” каби сўзлар билан ҳақорат қилинганини эшитиш мумкин.

Ўзбекистонда ҳукумат амалдорлари, жумладан, ҳокимларнинг қўл остидаги ходимларини ва аҳоли вакилларини ҳақорат қилгани ҳамда ургани тўғрисида Озодлик бундан аввал кўплаб хабарларни берган эди.

Сўқонғич ҳокимлардан бири - Сурхондарё вилоятига 3 йил 7 ой давомида ҳокимлик қилган 52 яшар Тўра Боболов ўтган йилнинг 26 декабрида лавозимидан озод қилинган эди. Озодлик манбаларининг билдиришича, Боболовнинг ишдан кетишига туман прокурорлари ва ҳокимларига таҳдид қилгани акс этган аудиолари сабаб бўлган.

Аммо орадан кўп ўтмай, 2023 йилнинг 24 февралида Тўра Боболов Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилишида Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида сифатида иштирок этгани маълум бўлди.