Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 00:29

Ўртачирчиқ: Мулозимлар туман ҳокимининг ҳақорат ва таҳдидларидан шикоят қилмоқда


Мақолада тилга олинган мажлис Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги биносида ўтган.

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги бюджет идораларининг бир гуруҳ ходимлари Озодликка мурожаат қилиб, туман ҳокими Олимжон Нурматовнинг таҳдидларидан шикоят қилди.

Мулозимлар иддаосича, Нурматов томонидан топшириқларни бажармаган идоралар раҳбарлари ҳақорат қилиниб, уларга ишдан бўшатиш ва жиноят иши очтириш билан таҳдид қилинади.

Ўртачирчиқлик мулозимлар сўзига исбот тарзида ҳокимликда ўтган мажлислардан бирининг аудиосини Озодликка йўллади.

Аудиода Нурматов экани иддао қилинган овоз эгаси ўзининг “кўча одами” эканини айтиб, мажлис қатнашчиларига турли кўринишда таҳдид қилади.

Озодликнинг икки кун давомида Олимжон Нурматов билан боғланишга уринишлари натижа бермади.

Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги ходимларидан бири аудиодаги овоз эгаси Олимжон Нурматов эканини тасдиқлади.

Ўртачирчиқдаги бюджет идораларидан бирининг мулозими томонидан Озодликка бўлган мурожаатда туман ҳокими Олимжон Нурматов устидан шикоят қилинган.

Олимжон Нурматов
Олимжон Нурматов

“Ҳоким январь ойида 19 та раҳбарни ишдан бўшатди, прокурорга топшириқ берди, “барча ишдан бўшатилганларга иш очасан” деб, шулардан 3-4 нафарига ҳозирда жиноят иши қўзғатилган. Масалан, ХТБ собиқ мудири ва бандликка кўмаклашиш маркази собиқ раҳбарига иш очилган”, дейди ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

1 апрель куни Озодлик билан суҳбатлашган Ўртачирчиқдаги яна уч нафар мулозим Олимжон Нурматов томонидан идоралар раҳбарларига нисбатан мунтазам таҳдид бўлишини айтишди.

Мулозимлар Ўртачирчиқ туман ҳокимлигида ўтган мажлислардан бирининг аудиосини Озодликка йўллаб, буни “сўзларига исбот тарзида қабул қилишимизни” сўрашди.

Афтидан, ҳокимлик мажлисида яширинча ёзиб олинган қарйиб 1 соатлик аудиода Нурматов экани айтилган овоз эгаси йиғилганларга бир неча бор ишдан бўшатиш билан таҳдид қилгани қайд қилинган.

“Сени ишдан олишим, икки карра икки”, - дейди аудиодаги мулозим мажлис иштирокчиларидан бирига. Сўзининг давомида “Мен шу ерда ишлаб турсам, сени қўймайман”, - дея таҳдид ҳам қилади.

Ўзининг “кўча одами” эканини таъкидлаган мулозим мажлис иштирокчиларидан бирига қарата,“Олиб ташлаларинг, жиноий иш очларинг, онасини с... ман”, - дейди.

30 март куни кечқурин ўтгани айтилган мажлис давомида мулозим идоралар раҳбарларини бирма-бир тилга олиб, уларни болахонадор қилиб сўкади:

“Ҳэ, оғзингга қ..., к.., бл... ж...б, п..з”;

“Кўтанингни суғириб оламан”;

“Ҳэ, оғзингга с...”

Мулозим кимнидир қамоқдан олиб қолганини писанда қилади.

У турли соҳалардаги камчиликларни санаб, раҳбарлар орасида ноқонуний ишлар билан шуғулланаётганлар ҳам борлигини айтади.

Унинг сўзларидан англашилишича, қайсидир раҳбарлар имзоларни сохталаштирган, бошқаси хайрия маҳсулотларини ўмарган:

“Етим-есирга берилган 10 коробка нарсани ҳокимият ходими ўғирлаган”.

Мулозим сўзларидан маълум бўлишича, туманга ишчи гуруҳ томонидан текширув келяпти ва ушбу йиғилиш ўша текширувга тайёргарлик учун ўтказилмоқда:

“Эртага кўпчиликнинг тақдири ҳал бўлади”;

“Эртага келиб кетсин, индинга ҳаммангни тераман”;

“Жиноий иш очиб қўйганман”;

Аудиодаги мулозим бир соат давомида бир неча бор ўзининг ҳам ишдан кетишга тайёрлигини таъкидлайди:

“Мен ҳам эртага кетарман, лекин тайёрман”;

“Мени ишдан олиш тепа учун бир карра бир”;

“Мени бўшатиб юборсин, без админстрация, рухсатсиз ишдан бўшатиб юборсин, лекин халққа жабр қиляпмиз”.

Ушбу мажлисда иштирок этганини айтган ўртачирчиқлик мулозимлардан бирига кўра, шу куни аксар раҳбарлар уйига кетмасдан эрталабгача текширувчилар учун ҳужжатлар тахлашган.

Ўртачирчиқ туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда туманда “катта ишчи гуруҳ” текширув олиб бормоқда.

“Штатний гуруҳ келган. Эрталаб ҳокимликда йиғилиб, кейин жойларга чиқиб кетишади”,- деди ўзини таништирмаган ҳокимлик ходими. У ишчи гуруҳнинг қайси ташкилотдан келганини очиқламади.

Озодлик мухбирининг 1-2 апрель кунлари Ўртачирчиқ туман ҳокими Олимжон Нурматов билан боғланиш ҳаракатлари бесамар кетди.

Ҳокимлик ходимлари 1 апрель куни Нурматовнинг “мажлислар билан банд” эканини, 2 апрелда эса “ҳокимнинг аҳоли билан қабул ўтказаётгани боис унинг вақти йўқлигини” айтишди.

Озодлик билан суҳбатда ҳокимлик ходимларидан бири аудиодаги овоз эгаси Олимжон Нурматов эканини тасдиқлади.

Тошкент вилоят ҳокимлиги сайтидаги маълумотга кўра, 54 яшар Олимжон Нурматов 2016 йилдан буён Ўртачирчиқ туман ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.

Олий маълумотли Олимжон Нурматов 2000 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимидаги кўплаб мулозимнинг сўконғичлиги ва қўполлиги аудио-видеоларда тасдиқланганига қарамай¸ ҳозиргача улардан бирортаси қўл остидагилар ëки оддий аҳоли вакилларини ҳақорат қилгани учун вазифасидан бўшатилган эмас.

Ўзбекистоннинг энг сўконғич ҳокимларидан бири сифатида ном чиқарган Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев шов-шувли аудиолар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги танқид ва норозиликларга қарамай, ўтган йил сентябрида Мирзиëев томонидан Бош вазир ўринбосарлигига тайинланган эди.

Ички ишлар тизимида сўконғичлиги билан танилган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Вафоев Маҳкам Миржонович эса¸ 2020 йилнинг август ойида Шавкат Мирзиëев томонидан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG