Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш учун прокурорлар сони кўпайтирилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 майдан кучга кирган ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш тўғрисидаги фармонига асосан прокуратура ходимлари сони 755 нафарга кўпайтирилди. Фармон Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди.

Фармонга асосан, прокуратура ходимлари сони ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш устидан назоратни амалга оширишини таъминлаш мақсадида кўпайтирилмоқда. Жумладан, прокуратура бошқарув ходимлари сони 691 нафарга кўпайтирилади. Бу билан прокуратура бошқарув ходимлари ҳозирги 4195 дан 4886 нафарга етади.

Бош прокуратурада прокурор-терговчилар сони 64 нафарга оширилади ва жами 316 нафарни ташкил қилади. Бундан ташқари яна битта бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилади.

Мазкур фармон билан 1 сентябрдан ёқилғи-энергия соҳасида кузатилаётган ҳуқуқбузарликларни фотосуратга ва видеога олиб Энергетика вазирлигининг интернетдаги махсус ахборот тизимига юборганларга пул мукофоти берилади. Фармонда пул мукофотининг миқдори белгилаб берилмаган.