Қаршида хавфсизлик камари тақмагани учун жаримага тортилган таксичилар йўл тўсишди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти маркази бўлмиш Қаршида 26 май куни соат 14:00 ларда ўнлаб такси ҳайдовчиси шаҳардаги марказий йўллардан бирини тўсиб қўйишган.

UzNews нашри хабарига кўра, ҳайдовчилар хавфсизлик камарини тақмагани учун ўзларига ёзилган жарималарни бекор қилишни талаб қилишган. Мазкур қоидабузарликлар янги ўрнитилган кузатув камераси орқали қайд этилган.

Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига мувофиқ, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. ЙҲХХ қайдича, 14 май куни Қаршидаги Ислом Каримов кўчасида “Lochin ko’z-Q” дастури асосида камералар ўрнатилган. Ушбу камералар воситасида хавфсизлик камари билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлаш мақсад қилинган.