Қашқадарёда 74 ёшли онасини чопиб ўлдирган киши қўлга олинди

Қашқадарё вилоятининг Косон тумани руҳий хасталикдан азият чекиб келган шахс 74 ёшли онасини болта билан чопиб ўлдирган.

Nasafnews нашрининг ёзишича, 46 ёшли Э.Ш. 10 июль куни 1947 йилда туғилган онаси М.Б. ни болта билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказган, бунинг оқибатида кекса аёл вафот этган.

Маҳаллий ИИБ маълумотига кўра, Э.Ш. 2003 йилдан бери “шизофрения” хасталиги билан ҳисобда турган.

Қайд этилишича, марҳума М.Б. ўғлини бир неча бор даволатган, сўнгги бор аёл ўғли Э.Ш. ни шу йилнинг 6 июнь куни вилоят Асаб-руҳий касалликлар диспансерида даволатиб, уйига олиб келган эди.

Ҳолат юзасидан Косон туман прокуратураси Э.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатган, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.