Қашқадарё вилоятининг 5 та туманида кучли шамол бўлди ва томларни учириб кетди

Қашқадарё вилоятидаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш жараёни. ФВВ фотосурати.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ ва Китоб туманларида 9 март куни соат 09:00 дан 12:00 гача секундига 20 метр тезликда эсган шамол оқибатида айрим объектларнинг томи учиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Шамол билан биргаликда, мазкур туманларда, кучли ёғингарчилик ҳам қайд этилган. Шаҳрисабз тумани “Чоршанби” қўрғонидаги озиқ-овқат савдо дўкони томини шамол учириб юборган. Қамаши тумани “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида елим идишларни йиғиш пункти томи ҳам учиб кетган. Бунинг оқибатида уч киши жароҳатланган ва касалхонага олиб кетилган.

Бундан ташқари Яккабоғ туманидаги Тош қишлоғидаги бир уйнинг, Наврўз қишлоғидаги иккита уйнинг томлари ҳам қулаган.

Китоб туманидаги Қайнар, Мотмон ва Қавзихона қишлоқларида 4 та симёғоч йиқилган, Тепабоши қишлоғидаги бир уйнинг томи учган.