Қашқадарёликлар вилоят марказида қиймати қарийб 130 минг доллар бўлган флагшток тикламоқчи

Ўзбекистон байроғи

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида баландлиги 62,5 метрга тенг Давлат байроғи ўрнатилади ва унинг биргина устунини бунёд этишга 1 миллиард 350 миллион сўм маблағ сарфланади. Бу ҳақда “Қашқадарё” газетаси хабар қилган.

Қайд этилишича, объект буюртмачиси Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, пудратчиси эса “Воҳа махсус монтаж сервис” МЧЖ бўлиб ҳисобланади.

Корхона вакилларига кўра, байроқнинг устуни (флагшток) диаметри 430 миллиметрдан 1220 миллиметргача бўлган пўлат қувурлардан ташкил топади. Бичими 25 метрга 10 метрдан иборат байроқнинг ўзи эса Фарғона водийсидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида тикилгани айтилмоқда.

Лойиҳага кўра, Давлат байроғи ўрнатилгач, унинг атрофидаги 2 минг квадрат метрлик ҳудуд ободонлаштирилиб, майсазор ва гулзорлар барпо этилади.

Аслида Қашқадарёдаги иқтисодий-ижтимоий ҳолат, ҳатто расмий маълумотлардан келиб чиқилган тақдирда ҳам, миллиардлаб маблағ сарфлаб, кўз қувнатиш учун Қаршида флагшток ўрнатиш даражасида яхши эмас. Вилоятдаги вазият бундан бир неча ой аввал президент Ш. Мирзиёев томонидан ҳам кескин танқид қилинган, хусусан, аҳолининг ичимлик суви таъминоти вилоят бўйича 50 фоизни, хусусан, Косонда 26, Деҳқонободда эса атиги 4 фоизни ташкил қилиши, қувурларнинг 60 фоизи таъмирталаб бўлиб қолгани, Қарши шаҳрининг канализация тизими эскиргани, автомобиль йўлларининг 8 минг 700 километри яроқсиз ҳолга келгани алоҳида урғуланган эди.