Қибрайнинг 13 та маҳалласи Тошкентга қўшилди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 13 та маҳалла Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига ўтказилди.

Тошкент вилоят ҳокимлигининг 22 ноябрда хабар беришича, Мирзо Улуғбек туманига Қибрайдан жами 2294,6 гектар ер ўтказилган. Унинг 1002,6 гектари қишлоқ хўжалиги ерларидир.

Мирзо Улуғбек туманига ўтган 13 та маҳалла таркибида 9137 та якка тартибдаги ҳовли жой, 428 та нотуар жой, 2 та мактаб, 4 та бола боғча, 1 та диний муассаса, 2 та қабристон ва 1 та тиббиёт муассасаси бор.

Ўтган йилнинг августида Тошкент шаҳрининг Ўрикзор, Кўксарой¸ Зарафшон¸ Улуғбек ва Чоштепа маҳаллаларини Тошкент вилоятига ўтказиш режаси эълон қилинган эди. Бироқ мазкур маҳаллалар аҳолисининг кескин норозилиги ортидан 11 август куни расмийлар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ҳудудларни айирбошлаш режаси тўхтатилганини билдирган.

Бу режа пойтахтнинг Учтепа¸ Сергели ва Бектемир туманларидаги 1010 гектар ерни Тошкент вилояти маъмурий тасарруфига ўтказиш эвазига вилоятнинг Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан 10 196 гектар ерни (1:10 нисбатда) пойтахтга қўшиб беришни кўзда тутган эди.