Фарғонада жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олингани айтилмоқда

Фарғона вилотя ИИБ ахборот хизмати фотолари.

Фарғона вилоятида охирги 10 кунда жиноят содир этгани учун қидирилаётган 37 киши топилган, 22 киши безорилик устида ушланган, 248 кишининг уйида тинтув ўтказилган. Бу ҳақда Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, “Зарбдор 40 кунлик” доирасида Фарғона вилоятида тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

«Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноятлар аниқланди», деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кило 749 грамм гиёҳванд модда, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи модда, 41 та қурол, ўқ-дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар, 45 дона турли хил компьютер, телефон ҳамда диний адабиётлар олинган.

Қидирувда бўлган 37 шахс ушланган. Бундан ташқари, гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахс безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Бошқарма қайд этишича, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Олтиариқ туманида «гуруҳбозликка интилувчи» икки гуруҳ вакиллари А. Рустамов ва Т. Мирзараҳимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбоз ва уларнинг издошлари қўлга олинган.

Фарғона вилояти ИИБ, ушбу тадбирлар доирасида MMA жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам қўлга олинганини маълум қилганди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев қўлга олинганини маълум қилганди. Шунингдек, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ушлангани ҳақида маълумотлар мавжуд.